Илмга бахшида умр
Кимё-биология факультетида “Соғлом овқатланиш сабоқлари” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Кузиев, Физиология кафедраси профессори, биология фанлари доктори Ш.Қурбонов, факультет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари ва талаба-ёшлар иштирок этди. Дастлаб О.Кузиев соғлом овқатланиш дунё бўйича глобал муаммолардан бири эканлиги, унинг инсон саломатлигини сақлашдаги ўрни ҳамда шу масалалар билан узоқ йиллардан буён шуғулланиб келаётган профессор Ш.Курбанов ҳақида самимий муносабат билдирди. Тадбир давомида Ш.Қурбонов соғлом овқатланишнинг мазмун-моҳияти, у билан боғлиқ долзарб муаммолар, бу соҳада юртимизда ва дунё бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар, уларнинг аҳоли сиҳат-саломатлигини сақлаш ва янада мустаҳкамлаш йўлидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбирда, шунингдек, профессор Ш.Қурбоновнинг табаррук 85 ёши муносабати билан илиқ қутловлар билдирилиб, “Ректор табрикномаси” ўқиб эшиттирилди. Эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек юксак вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш йўлида устознинг ҳам заҳматли меҳнатлари борлиги эзгу табрик ва тилакларда ўз аксини топди. Биология фанлари доктори, профессор, Турон фанлар академиясининг академиги, И даражали Меҳнат фахрийси Ш.Қурбонов Европа, Россия ва бошқа мамлакатларда ўтказилган халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этган. 6 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма ва 12 та монографияси нашр этилган.