
Очиқ эшиклар куни: талабалар Ҳарбий авиация институтида
Давлатмиз раҳбарининг 2025 йил 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-65-сон қарорида ўқувчи ва талаба-ёшларни ҳарбий касбга қизиқтириш, уларни ватанпарварлик ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ҳарбий қисмлар ва олий ҳарбий таълим муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Мазкур топшириқ ижроси доирасида Қарши давлат университетининг География ва агрономия факультети талабалари Қарши шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институтига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида талабалар институт вакиллари ҳамроҳлигида кўргазмали қурол-аслаҳалар, учиш тренажёрлари ҳамда курсантлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, улар ётоқхона, ошхона, кутубхона ва институтнинг шонли тарихидан далолат берувчи музейда бўлишди. Тадбир давомида олий ҳарбий таълим муассасасига қабул тартиби, ҳужжатларни топшириш жараёни, тест синовлари ҳамда ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.