
Ректор ва ёшлар учрашуви ўтказилди
Бугун Қарши давлат университети ректори, профессор Д.Набиев талабалар билан учрашди. Учрашув аввалида университет ректори талабалар билан мулоқот қилиш доимий анъана эканлиги, уларнинг ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлади.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда талабаларнинг ўқув жараёни, турар жойлари ҳамда ижара хонадонларида яшаш шароитлари, моддий ва маънавий эҳтиёжлари, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга доир масалалар илгари сурилди.
Шунингдек, талаба-ёшларнинг одоб-ахлоқ қоидалари, кийиниш маданиятига риоя қилиши, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти хусусида атрофлича сўз юритилди. Тадбир давомида талаба-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.