
Қарши давлат университетида “Хитой тили маркази” ташкил қилинади
Қарши давлат университети ректори, профессор Д.Набиев ва Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор И.Бекпулатов айни дамда Пекин шаҳрида ўтказилаётган биринчи Ўзбекистон-Хитой таълим форумида иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро форум икки давлат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ўтказилмоқда.
Анжуманда икки мамлакат томонидан 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари қатнашяпти.
Бугун форумнинг дастлабки кунида Қарши давлат университети ва Хитойнинг Ансин педагогика университети билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, Қарши давлат университетида "Хитой тили маркази" ташкил қилинади ҳамда хитой тили курсини муваффақиятли ўзлаштирган талаба ва ўқитувчилар Ансин педагогика университетига қисқа муддатли стажировкаларга юборилади.
Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг 21 октябрь куни университетга Ансин педагогика университети ректори Пенг Фенглианг бошчилигида делегация ташриф буюрган ва ҳамкорликнинг дастлабки қадами сифатида икки олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.