
Тафаккур фазосининг икки қуёши
Бугун Қарши давлат университети фаоллар залида ҳазрат мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Филология, Санъатшунослик факультетлари ҳамда университет Кутубхонаси ҳамкорлигида “Тафаккур фазосининг икки қуёши” мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таʼминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Эгамов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ўроз Ҳайдар, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор О.Кузиев, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди. Адабий кечада ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, маънавий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти, улуғ шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидаги комил инсон ғоясининг ўзига хос талқини хусусида маърузалар тингланди. Тадбир давомида, шуниндек, талабалар томонидан Навоий ва Бобур ижодидан ғазаллар ўқилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Мазмунли қўшиқларнинг жонли ижроси кечага ўзгача файз бағишлади.