Қарши давлат университети талабалари халқаро фан олимпиадаларида юксак натижаларга эришди

5 Февраль 2026, 04:28
Университет янгиликлари

Бухоро давлат университети мезбонлигида ўтказилган нуфузли халқаро фан олимпиадалари — BIMO–2026 (математика) ва BICHO–2026 (кимё) мусобақаларида Қарши давлат университети талабалари муносиб иштирок этиб, юқори натижалар қайд этдилар. Хусусан, кимё йўналиши бўйича иштирок этган иқтидорли талабалар 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритган бўлса, математика йўналиши талабалари 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан университет шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Шунингдек, жамоавий баҳолаш натижаларига кўра, кимё йўналишида “Назарий кимё фанидан энг юқори натижа”, математика йўналишида эса “Энг яхши ижодий ечим” номинациялари бўйича дипломлар билан тақдирландилар. Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро олимпиадаларда 10 дан ортиқ давлатдан 500 нафардан зиёд талаба-ёшлар иштирок этди. Бу эса Қарши давлат университети талабалари томонидан қўлга киритилган ютуқларнинг юқори савия ва катта рақобат шароитида эришилганини яққол намоён этади. Олимпиадалар якунига бағишланган тантанали тақдирлаш маросимида нафақат ғолиб талабалар, балки уларни ушбу юксак натижаларга етаклаган профессор-ўқитувчиларга ҳам алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилди. Қарши давлат университети жамоаси ўзининг иқтидорли талабалари ва фидойи устозлари билан ҳақли равишда фахрланади.