Ёшлар орасида психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ишларини ташкил этиш механизмлари
Математика ва компьютер илмлари ҳамда Кимё-биология факультетларида ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш, наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишлаб профилактик тадбирлар ташкил этилди. Тадбирда университет ректорининг Ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш бўйича маслаҳатчиси А.Жўраев, профилактика инспектори М.Жаббаров, факультетлар раҳбарияти, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 3-ноябрдаги ПФ–207-сонли “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси, психофаол моддалар, гиёҳвандлик ва психотроп воситаларнинг инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига салбий таъсири, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, шунингдек, бундай иллатларнинг олдини олишда ёшларнинг масъулияти ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, зарарли одатларга қарши иммунитетни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбирлар доирасида Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан тайёрланган тезкор тадбирлар лавҳалари ва “Эътироф” фильми намойиш этилди. Мазкур профилактик тадбирлар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади.