“Тўмарис издошлари” — жасорат, эпчиллик ва ватанпарварлик синови

Хабар берилганидек, Қарши давлат университетида олий таълим муассасалари талаба-қизлари ўртасида “Тўмарис издошлари” спорт мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Мусобақа низомига кўра, унда талаба-қизларнинг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари синовдан ўтказилди. Беллашувларда Қарши давлат университетининг “Тўмарис”, Қарши давлат техника университетининг “Массагет маликалари” ҳамда Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг “Жасорат” жамоалари “Жамоани таништириш”, “Спорт билан ҳамнафасмиз”, “Биринчи тиббий ёрдам” ва “Велосипедда учиш” шартлари асосида ўзаро беллашишди. Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига кўра, Қарши давлат университетининг “Тўмарис” жамоаси ҳудудий босқич ғолиби бўлиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг “Жасорат” жамоаси иккинчи, Қарши давлат техника университетининг “Массагет маликалари” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.