Қарши давлат университети нуфузли халқаро рейтинг ташкилоти — QS (Quacquarelli Symonds) томонидан эълон қилинган QS Asia University Rankings 2026 натижаларига кўра Осиёдаги етакчи университетлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
Мазкур рейтинг натижаларига биноан, Қарши давлат университети Осиё қитъасидаги 1534 университетлар орасида ТОП–1000 таликдан жой олди ҳамда 901–950 ўринлар оралиғида қайд этилди. Айниқса, Қарши давлат университети Марказий Осиё университетлари орасида ТОП–100 таликка кириб, 52-ўринни эгаллагани эътиборга молик ютуқ ҳисобланади.
Ушбу натижалар университетнинг таълим сифати, илмий-тадқиқот салоҳияти, академик нуфузи, иш берувчилар орасидаги обрўси ҳамда халқаро ҳамкорлик фаолияти изчил ривожланиб бораётганини тасдиқлайди. QS рейтинги баҳолаш тизими академик обрў-эътибор, битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар нисбати, илмий тадқиқотларнинг таъсири каби муҳим мезонларга асосланади.
Ушбу натижа Қарши давлат университети тарихидаги навбатдаги муҳим босқич бўлиб, жамоанинг фидокорона меҳнати, стратегик ривожланиш йўналишлари ва халқаро стандартларга мос ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Университет келгусида ҳам таълим ва илм-фан соҳасида сифатни ошириш, инновацион тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида изчил фаолиятини давом эттиради.